Ҳурматли Россиядаги ватандошлар!
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда Россиядаги ўзбекистонликларни автотранспорт орқали Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанга қайтишга чорлаб турли провокацион видеолавҳалар тарқалмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 30 апрель ва 1 май кунлари бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистонга қўшни мамлакат орқали автомобилларда кетаётганликлари ҳақида видеолавҳалар эълон қилинди.
Россиядаги фуқароларимизни бундай иғволи чақириқ ва хабарларга ишонмасликларини, Ўзбекистон Республикасида карантин чоралари бекор қилингунга қадар вақтинчалик/доимий яшаш жойларида қолишларини сўраймиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2020 йил 16 мартдан буён барча транспорт воситалари орқали Қозоғистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, унинг ҳудудидан чиқишга чекловлар белгиланган бўлиб, дипломатик хизмат ходимлари, халқаро ташкилотлар делегациялари аъзолари бундан мустаснодир. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон фуқаролари транзит орқали ҳам Ватанимизга қайта олмасликларини англатади.
Инсонларни чалғитувчи ёлғон маълумотларни тарқатган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра ҳам, Россия Федерацияси қонунчилигига кўра ҳам жиноий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.
Азиз ватандошлар!
Сизнинг COVID-19 коронавирус инфекцияси туфайли юзага келган вазиятдан хавотирда эканлигингизни, имкон қадар тезроқ Ватанимизга, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз бағрига қайтиш истагида эканлигингизни биламиз ва англаймиз. Аммо, коронавирус пандемияси сабабли дунёнинг кўплаб давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон ва Россия ҳам қатъий чоралар, хусусан, мамлакатга кириш ва чиқиш ҳамда ички қатновлар юзасидан чекловлар ўрнатишга мажбур бўлди. Мазкур чоралар, барчамизнинг саломатлигингиз ва хавфсизлигингизни таъминлаш мақсадида мажбурликдан ва вақтинчалик муддатга қабул қилинган бўлиб, уларга қатъий амал қилишимиз лозим.
COVID-19 вирусини юқтириб олмаслик ва қийин вазиятларга тушиб қолмаслигингиз учун ваҳимага ва иғволарга берилмаслигингиз, хотиржамликни сақлаган ҳолда, вақтинча бошқа давлатларга чиқишдан тийилишингизга умид қиламиз. Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси ва Бош консулликлари коронавирус туфайли юзага келган масалаларни ҳал қилиш учун узлуксиз иш тартибида фаолият юритмоқда. Мавжуд имкониятларда келиб чиққан ҳолда Россиядаги ватандошларимиз тўқнаш келаётган моддий-турмуш муаммоларини ҳал қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилган. Зарур ҳолларда Ўзбекистон дипломатия миссияларига мурожаат қилишингиз мумкин (манзиллар ва мурожаат учур рақамлар http://uzembassy.ru/page/870 ҳаволасида жойлаштирилган).