Хорижда истиқомат қилувчи ватандош ёшлар диққатига: Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадаси ўтказилади

Ҳукумат қарори билан “Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида” ги низом тасдиқланган бўлиб, мазкур ташаббус хорижий давлатларда таълим олаётган ёш ватандошларимизнинг она тилимизга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга қаратилган.
Ҳар йили ўтказиладиган ушбу нуфузли олимпиадада чет элларда истиқомат қилувчи 14–18 ёшли ватандош мактаб ўқувчилари ихтиёрий асосда қатнашишлари мумкин. Иштирокчилар учун якка тартибда ёки жамоавий тарзда (6 нафаргача ўқувчи ва 1 нафар раҳбардан иборат), шунингдек, офлайн ёхуд онлайн шаклда қатнашиш имконияти яратилган бўлиб, ҳар бир хорижий давлатдан 3 тагача терма жамоа иштирок этишига рухсат берилади.
1-босқичда (тест) иштирокчилар умумий 50 балл билан баҳоланадиган 30 та тест топшириқларини бажарадилар. 2-босқичда (ёзма иш) иштирокчилар Ҳакамлар ҳайъати томонидан тақдим этилган 5 тагача ёзма иш (эссе) мавзулари орасидан қуръа ташлаш йўли билан танланган 1 та мавзу асосида ижодий иш ёзадилар.
Якуний натижаларга кўра ғолиб ва совриндорлар олтин, кумуш ва бронза медаллари, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Энг муҳими, медаль соҳиблари Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг “Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили ва адабиёти” йўналишига умумий қабул квотасидан ташқари давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади ва мазкур имтиёз 3 йил давомида амал қилади.