INTIL марказида хорижда ишлашга комплекс тайёргарлик йўлга қўйилди

Тошкент шаҳридаги INTIL халқаро тил ва касбга тайёрлаш марказида фуқароларни хорижий иш берувчилар талабларига мувофиқ ўқитиш, амалий тайёрлаш ва ишга жойлашишга кўмаклашиш жараёнлари бирлаштирилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган марказда ҳозирда 6 та халқаро лойиҳа доирасида 240 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Фуқаролар учун ўқитиш ва ётоқхона харажатлари бепул.
Марказнинг асосий вазифаси — хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизни тил, касб ва амалий кўникмалар билан таъминлаб, халқаро меҳнат бозорида малакали мутахассис сифатида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш. Бу ерда тайёргарлик хорижий иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжлари ва иш жойида қўйиладиган талаблар асосида ташкил этилган.
Учтепа туманида қарийб 3,5 гектар майдонда жойлашган мажмуа фуқаронинг дастлабки мурожаатидан тортиб, ҳужжатларини расмийлаштириш, тил ва касб ўрганиш, малакасини тасдиқлаш ҳамда хорижга ишга жўнаб кетишигача бўлган босқичларни қамраб олади.
Фронт-офисда маслаҳат, ҳужжат ва виза масалалари бўйича кўмак кўрсатилади. Шунингдек, банк хизматлари, авиачипта кассалари, виза хизматлари ваколатхоналари ва call-марказ фаолияти йўлга қўйилган.
Мажмуада 600 ўринли ўқув хоналари, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон маркази ва 400 ўринли ётоқхона мавжуд. Ўқув-амалий машғулотлар учун жиҳозлар Германия, Хитой ва Россиядан олиб келинган.
Марказда немис, инглиз, япон, корейс, чех, поляк, итальян ва словак тиллари бўйича тайёргарлик йўлга қўйилган. Тил ўқитиш дастурлари 6 ойдан 10 ойгача давом этади.
Хорижий иш берувчилар эҳтиёжларига қараб таълим мазмуни янгиланиб, тўлдириб борилади.
Халқаро сертификатлашга тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилиб, марказ базасида ÖSD, TELC, J-CERT ва EPS TOPIK каби тил имтиҳонларини топшириш имконияти яратилган.
Касбий тайёргарлик 12 та таълим дастурини қамраб олади. Улар орасида тиббиёт, пайвандчилик, электр ва сантехника ишлари, омбор логистикаси, қурилиш, меҳмонхона-ресторан хизмати ҳамда ошпазлик йўналишлари бор.
Машғулотлар реал иш жараёнларига яқинлаштирилган шароитларда ўтказилади, тингловчилар назарий билимларни амалда қўллашни ўрганади.
Хусусан, ҳамширалар иш берувчиларнинг шифохона хоналаридек жиҳозланган симуляция залларида беморларни даволаш кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Меҳмонхона хизмати йўналишида хоналарни тайёрлаш ва тозалаш стандартлари ўргатилади. Ресторан хизмати бўйича бўлажак официант ва барменлар, махсус ошхоналарда эса турли мамлакатлар таомларини тайёрлайдиган ошпазлар ўқитилади.
Техник йўналишларда ҳам амалий тайёргарлик устувор. Омбор шароитига мослаштирилган ҳудудда вилкали юк кўтаргич ҳайдовчилари тайёрланади.
Сантехника машғулотларида сув қувурлари, иссиқ сув таъминоти ва кондициялаш тизимларини монтаж қилиш ўргатилади.
Электротехника йўналишида тингловчилар электр тармоқлари ва «ақлли уй» тизимларининг амалдаги моделлари билан ишлайди. Пайвандчиларни тайёрлаш ISO 9606 халқаро стандартлари асосида ташкил этилган.
Марказда Япониянинг Proud Partners ва Onodera User Run, Германиянинг Deutsche Bahn ва RecruitMed GmbH, Чехиянинг PentaHospital ҳамда Италиянинг Perugia University ҳамкорлигидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тайёргарлик дастурлари Германия, Япония, Корея, Чехия, Словакия, Польша, Италия ва бошқа давлатлардаги иш имкониятларига йўналтирилган.
Шунингдек, ошпазларни Европа меҳнат бозори учун сертификатлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Европадаги кулинария мактабларининг ўқув дастурларини жорий этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Мажмуада 40 нафар маҳаллий ўқитувчи ва ходим ҳамда 6 нафар хорижий тил ўқитувчисининг бандлиги таъминланган. Тингловчилар учун коворкинг, футбол ва воркаут майдончалари, дам олиш ҳудудлари ташкил этилган. Мажмуадаги боғдан яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолиси ҳам фойдаланиши кўзда тутилган.
Келгусида хорижий иш берувчилар эҳтиёжи асосида номзодларни саралаш, тил ва касбга ўқитиш, хориждаги ҳаётга тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш тажрибасини Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ягона тизим сифатида жорий этиш режалаштирилган.
Марказ манзили: Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Кўкча Оқтепа МФЙ, Кўкча Дарвоза кўчаси, 485-уй.
Миграция агентлиги Ахборот хизмати