Тиббиётда янги стандартлар жорий этилади, шифокорларни қўллаб-қувватлаш кучайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклаб, инсон саломатлигини асраш йўлидаги меҳнати учун миннатдорлик билдирди.
– Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз, – деди Президентимиз.
Сўнгги ўн йилда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилди, 58 минг шифо ўрни яратилди. Замонавий муассасалар кўпайиши ва хусусий сектор ривожланиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди. Илгари фақат чет элда бажарилган туғма юрак нуқсонларини даволаш, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб амалиётлар каби юздан зиёд хизмат бугун мамлакатимизда кўрсатилмоқда.
Фармацевтика маҳсулотларига эҳтиёжнинг 70 фоизини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган. Сўнгги йилларда соҳада 1 миллиард долларлик 330 та янги фармацевтика қуввати ишга туширилди. Ҳудудларда фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ташкил этилиб, уларда 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Президентимиз бу ўзгаришларда 800 мингдан зиёд тиббиёт ва фармацевтика ходимининг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади. Яқинда соҳа фидойиларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзоланди. Учрашувда орден ва медаллар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Давлатимиз раҳбари инсон саломатлигини асраш, илғор илмий ишланмалар ва даволаш усулларини жорий этишда бошқаларга ўрнак бўлаётган тиббиёт ходимлари учун “Ибн Сино” орденини таъсис этишни таклиф қилди.
Учрашувда бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада 28 та туманда синовдан ўтказилган янги тизим доирасида 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга номма-ном бириктирилди. Лабораториялар ишга туширилди, шифокор ва ҳамширалар ўқитилди, беморларнинг тиббий ёрдам олиш тартиби белгиланди. Кафолатланган тиббий хизматлар тўплами доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда. Ушбу модель келаси йилдан яна 100 та туманда жорий этилади.
Касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш ишлари ҳам кенгайтирилади. Ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш ишлари Самарқанддан бошланиб, 2028 йилдан барча ҳудудларда йўлга қўйилади. Қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ва болалардаги онкогематологик хасталикларни эрта аниқлаш дастурлари давом эттирилади.
Беш ҳудудда инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастури натижасида ушбу касалликлардан эрта ўлим беш ойда 15 фоизга камайди. Касаллик бошланишидаги “олтин соат”да 855 нафар инсон эрта ўлим ва ногиронлик асоратларидан сақлаб қолинди.
Келаси йил дастур билан барча туман ва шаҳарлар қамраб олинади. Аҳоли учун бепул бериладиган дори воситалари тури 73 тага, тиббий текширувлар тури 36 тага етказилади.
Соҳада таълим, қурилиш, санитария-гигиена, беморлар хавфсизлиги ва ходимлар маданиятини қамраб оладиган “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари” жорий этилади. Бирламчи бўғин ходимлари босқичма-босқич махсус кийим-бош билан бепул таъминланади. Энг яхши шифокор ва ҳамшираларни рағбатлантириш кенгайтирилиб, вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар шифокор электромобиль билан тақдирланади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган энг яхши ўнта лойиҳа муаллифига 200 миллион сўмдан грант берилади.
Тиббий хизмат сифати, аввало, кадрлар тайёргарлигига боғлиқлиги қайд этилди.
– Қанча замонавий клиникалар қурмайлик, энг сўнгги ускуналарни олиб бермайлик, малакали ходимларсиз натижа бўлмайди, – деди Президентимиз.
Ҳозир 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг шифокор тайёрланмоқда. Келаси йилдан талабалар ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни ўрганади, битирувчилар эса охирги ўқув йилини тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиётда ўтказади. Бакалавриатни битирган ҳамшира ва тиббиёт оғасига 1,5 миллион сўм, магистратурани тугатганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўланади. 2027 йилдан тор соҳа мутахассисликлари бўйича резидентурада ўқиш бепул бўлади.
Тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга хусусий сектор ҳам жалб қилинади. Бирламчи бўғин ва туманлардаги ходимларнинг ўқиш харажатлари давлат томонидан қопланади. Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими келаси йил 1 июлдан дастлаб ихтиёрий асосда йўлга қўйилиб, 2030 йилдан мажбурий бўлади. Рўйхатдан ўтган шифокор, фармацевт ва ҳамшираларга устама тўланади.
Янги тиббиёт муассасалари аҳоли сони ва ҳудудларнинг жойлашувидан келиб чиқиб, мастер-режа асосида ташкил этилади. Давлат шифохоналарида тадбиркорларга замонавий ускуналар ўрнатиш учун жой ажратилиб, кўрсатилган хизматларга суғурта тизими орқали ҳақ тўланади. Гемодиализ, лаборатория, стерилизация, реабилитация ва физиотерапия хизматларини хусусий сектордан харид қилиш кенгайтирилади.
Келаси йил ҳар бир ҳудудга камида 150 миллион доллар инвестиция ва грант жалб қилиш бўйича вазифалар белгиланди.
Геномика, ҳужайра ва биотехнологиялар ривожланиши билан бирга тиббий тадқиқотларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлиги таъкидланди.
– Инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ тадқиқотларда унинг ҳуқуқи, розилиги ва қадр-қиммати биринчи ўринда туриши шарт, – деди Президентимиз.
Бунинг учун биоэтика ва биотехнология соҳаларининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади. Гарвард тиббиёт мактаби билан ҳамкорликда ирсий касалликлар бўйича мутахассислар тайёрланиб, генетик текширув жорий этилади.
Ихтисослашган марказлар тажрибасини ҳудудларга етказиш мақсадида жарроҳ, анестезиолог, реаниматолог, ассистент ва ҳамширалардан иборат яхлит жамоалар жойларга юборилади. Ҳудудлардаги тиббиёт гуруҳлари эса марказларда уч-тўрт ойлик стажировкадан ўтади.
Келаси йилдан 26 та ихтисослашган марказ директори билан бир йиллик контракт тузилади. Уларнинг фаолияти соҳадаги янгиликлар, қуйи бўғин ходимлари малакасини ошириш ва илмий натижаларни амалиётга жорий этишга қараб баҳоланади. Шифохона ва поликлиникалар ишига аҳолининг ўзи баҳо берадиган механизм йўлга қўйилади. Шифокор ва ҳамширалар иш ҳақини белгилашда аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражаси асосий мезон бўлади.
Келгуси йилдан кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология каби йўналишларда ўнта сунъий интеллект тизими ишга туширилади.
Шифокорлар ассоциацияларининг фаолиятини жонлантириш, уларнинг раҳбарларини аъзолар томонидан икки-уч йилга сайлаш тизимига ўтиш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Учрашувда тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари эълон қилинди. Соҳада камида 15 йил ишлаган ходимларнинг ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм ажратилди. Келаси йил шу имконият орқали минг нафар тиббиёт ходими янги уйга кўчиб ўтади. Ҳар йили 500 нафар ёш ходимнинг ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қопланади. Олис ҳудудларда ишлайдиган шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси 4,5 миллион сўмга оширилиб, у ерда иш бошлаганларга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули берилади.
Хорижий клиникаларда тажриба орттирган ватандош шифокорларни мамлакатимизга жалб этиш учун ҳам янги тизим йўлга қўйилади. Уларга 50 миллион сўмгача ойлик устама тўланади, замонавий ускуналар билан жиҳозланган иш жойи ва ўз жамоасини шакллантириш имконияти яратилади.
Учрашувда соҳа вакилларининг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Мутасаддиларга белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва билдирилган таклифлар устида биргаликда ишлаш бўйича топшириқлар берилди.
– Мен бир нарсани сўрайман: ҳар бир тиббиёт ходими ўзига савол берсин – бугун инсон саломатлиги учун кечагидан кўра кўпроқ нима қила олдим? Агар ҳар биримиз шу саволга жавоб қидириб ишласак, тиббиётимизда ҳам, халқимизнинг саломатлигида ҳам катта ўзгаришлар бўлади, – деди Президентимиз якунда.