Ўзбекистон ТДТни янги иқтисодий имкониятлар макони сифатида кўриб чиқади

Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотидаги (ТДТ) иштирокини савдо алоқаларига янги саноат мазмунини бериш имконияти сифатида кўрмоқда. Гап турли мамлакатлар корхоналари тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда иштирок этадиган ва ушбу маҳсулот билан ташқи бозорларга чиқадиган ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ҳақида бормоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Янги иқтисодий имкониятлар макони” ташаббусининг асосий вазифаларидан биридир.
ТДТ Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркияни бирлаштиради. Ташкилот фаолиятида Туркманистон ва Венгрия кузатувчи мақомида иштирок этади. Бундай географик қамров Марказий Осиёни Жанубий Кавказ, Туркия ва ғарбий савдо йўналишлари билан боғлайди. Ўзбекистон учун кўп томонлама форматнинг аҳамияти шундаки, у корхоналар ўртасидаги ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантиришга таъсир қилувчи савдо ва транспорт шартларини ҳамкор давлатлар билан мувофиқлаштириш имконини беради.
Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар, шунингдек, Туркманистон ва Венгрия билан савдо айланмаси 2017-йилдаги 4,13 миллиард доллардан 2025-йилда 10,82 миллиард долларга етди. 2026-йил январ–июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга ошди. Ҳамкор давлатларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги иштироки ҳам кенгаймоқда. Август ойи бошидаги ҳолатга кўра, мамлакатда уларнинг капитали иштирокидаги 4 871 та корхона фаолият юритган.
Бундай алоқалар кўлами шароитида савдо таркиби тобора катта аҳамият касб этмоқда. 2026-йилнинг етти ойида Ўзбекистоннинг мазкур давлатларга экспорти 2,29 миллиард долларни, импорти эса 4,46 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни талаб қилади. Саноат кооперацияси Ўзбекистон корхоналарига ҳамкор давлатлар бозоридаги талаб билан ишлаш ва ташкилот доирасидан ташқаридаги бозорларга чиқиш имконини беради.
Мазкур вазифа Ўзбекистоннинг ТДТдаги кун тартибида босқичма-босқич марказий ўрин эгаллади. Шавкат Мирзиёев 2018-йилда туркий давлатлар саммитида иштирок этганидан сўнг, 2019-йилда Ўзбекистон ўша пайтдаги Туркий кенгашнинг тўлақонли аъзосига айланди. 2022-йилда Самарқандда ТДТ саммитига мезбонлик қилган Ўзбекистон ташкилотга раисликни ҳам ўз зиммасига олди. Саммитда давлат раҳбари қўшилган қиймат занжирларини яратиш ва тайёр маҳсулотлар билан учинчи давлатлар бозорларига чиқишни таклиф қилди. 2024-йилда Бишкекда бўлиб ўтган саммитда эса у узоқ муддатли лойиҳаларнинг сиёсий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин бўлган стратегик шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ташаббусини илгари сурди.
2025-йилда Ўзбекистон компаниялар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор механизмларни таклиф этди. Будапештдаги учрашувда Президент “ТУРК-ТРАДE” савдо платформасини яратиш, саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш ҳамда ягона инвестиция порталини шакллантиришни таклиф қилди. Ушбу таклифлар бизнес ҳамкорлигини йўлга қўйишнинг изчил босқичларини — ҳамкорларни излаш, инвестиция имкониятларини намойиш этиш ва ишлаб чиқаришларни ташкил этишни қамраб олади. Тўғридан-тўғри алоқалар туркий давлатларнинг Боку шаҳрида ўтказилган савдо форумида ҳам ривожланди. Унда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари тайёр трикотаж маҳсулотлари ва қурилиш материалларини етказиб бериш бўйича келишувлар туздилар.
Таклифлар билан бир қаторда, амалий қарорлар ҳам қабул қилинди. 2026-йил феврал ойида ТДТ давлатларининг иқтисодиёт ва савдо вазирлари савдо соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаб, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар ва молия йўналишларидаги ҳамкорлик бўйича йўл харитасини маъқулладилар. Шу йили Туркий инвестиция жамғармаси ҳам ўз фаолиятини бошлади. Иқтисодий шериклик кенгашини ташкил этиш масаласи эса ҳали давлатлар томонидан келишиб олиниши лозим.
Ҳамкор давлатлар билан икки томонлама инвестициявий алоқалар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун аллақачон муайян асос яратган. 2025-йилда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгриядан Ўзбекистонга киритилган инвестициялар ҳажми 4,29 миллиард долларни ташкил этди. 2026-йилда умумий қиймати 17,24 миллиард долларлик 280 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Январ–август ойларида ушбу лойиҳалар доирасида 3,84 миллиард доллар маблағ амалда ўзлаштирилди. Мазкур инвестицияларнинг кейинги самараси яратилаётган қувватларнинг ишга туширилиши ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ бўлади..
Икки томонлама ҳамкорликнинг мисолларидан бири Қашқадарё вилоятида амалга оширилмоқда. Бу ерда Озарбайжоннинг “Матанат” компанияси томонидан гипс маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичи якунланди ва гипсокартон ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича иккинчи босқич бошланди. Шу тариқа, ҳамкор инвестициялари Ўзбекистон ҳудудида қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилмоқда.
Транспорт соҳасида эса ташкилот миқёсида эришилган амалий натижа мавжуд. “Э-пермит” электрон рухсатномалар тизими дастлаб Ўзбекистон ва Туркиянинг қўшма лойиҳаси сифатида бошланган бўлса, бугунги кунда Ўзбекистон ва ТДТнинг барча давлатлари ўртасида амал қилмоқда. Бу тажриба дастлаб икки давлат ўртасида келишилган ечим умумий тартиб-таомилга айланиши мумкинлигини кўрсатади. Транспорт алоқаларини янада ривожлантириш тарифларни мувофиқлаштириш, божхона жараёнларини рақамлаштириш ва логистика марказлари фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ. Ўзбекистон Ўрта коридорни қурилаётган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ҳамда истиқболдаги Трансафғон йўналиши билан боғлаш тарафдори.
Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш билан бир қаторда, рақамли кун тартиби ҳам шаклланмоқда. 2026-йилда Туркистонда бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон Президенти ҳудудий маълумотлар марказларини юқори тезликдаги алоқа каналлари орқали боғлайдиган «Рақамли туркий коридор»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Шунингдек, у Қозоғистон билан ҳамкорликда шакллантирилаётган венчур фондида ҳамкор давлатларни иштирок этишга таклиф этди. Мазкур ташаббуслар иқтисодий ўсишнинг навбатдаги манбаи - бир нечта мамлакатлар бозорларида фаолият юрита оладиган технологиялар, инновацион ишланмалар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон учун ТДТ доирасидаги ҳамкорликнинг кейинги босқичи иқтисодий ўсиш сифатига боғлиқ. Товар айирбошлаш ва инвестициявий алоқалар кооперация кўламини белгилайди. Унинг стратегик самараси эса Ўзбекистон корхоналарининг тайёр маҳсулот яратишдаги ўрни ва ушбу маҳсулот учун бозорларнинг қанчалик кенгайишига боғлиқ бўлади. Мамлакатнинг саноат, инвестициялар, транспорт ва технологиялар соҳасидаги таклифлари айнан шу вазифани ҳал этишга қаратилган.