Ўзбекистон ва АҚШ транспорт-логистика ҳамкорлиги: стратегик шерикликнинг янги босқичи

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Бугунги ҳамкорлик транспорт-логистика, авиация, инфратузилма, рақамли технологиялар, молиявий хизматлар, саноат кооперацияси ва халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш каби стратегик йўналишларни қамраб олмоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган давлат сифатида халқаро бозорларга чиқиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва глобал таъминот занжирларига фаол қўшилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан, транспорт-логистика инфратузилмасини модернизация қилиш мамлакат иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланган.
АҚШ илғор технологиялар, авиация саноати, йирик молиявий институтлар, рақамли ечимлар ва глобал логистика тажрибасига эга давлат сифатида Ўзбекистоннинг ушбу стратегик мақсадларини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлай оладиган муҳим ҳамкорлардан бири ҳисобланади.
2025 йил сентябрда Нью-Йоркда АҚШнинг етакчи компаниялари билан ўтказилган учрашувлар натижасида фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, молия ва инновациялар, кимё, энергетика ҳамда бошқа устувор йўналишларда умумий қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.
2025 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги юк ташувларида жами 60,4 минг тонна юкнинг 44,2 минг тоннаси темир йўл орқали ташилган. Автомобил транспорти орқали 13,8 минг тонна, ҳаво транспорти орқали 2,4 минг тонна юк ташилган.
2026 йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида 31,2 минг тонна юк ташилган. Шундан 30,7 минг тоннаси АҚШдан Ўзбекистонга импорт ҳиссасига тўғри келган.
Сиёсий мулоқотнинг юқори даражада фаоллашуви иқтисодий
ва инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суриш учун муҳим институционал асос яратмоқда. 2025 йил ноябрь ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклигини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, C5+1 форматида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун институционал механизмларни такомиллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
2026 йил июнь ойида АҚШнинг етакчи компаниялари, молиявий институтлари ва бизнес доиралари билан ўтказилган учрашувлар ҳам икки томонлама иқтисодий шериклик амалий босқичга ўтаётганини кўрсатди. Унда АҚШ Эксимбанки, АҚШ Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси — DFC, АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси ҳамда “Boeing”, “Visa”, “JP Morgan”, “Meta”, “BlackRock”, “Air Products” каби йирик компаниялар вакиллари иштирок этди. Муҳим минераллар, энергетика, металлургия, молия, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу йўналишларнинг транспорт-логистика тизими билан бевосита боғлиқ жиҳати шундаки, замонавий саноат ва экспорт занжирлари ишончли логистика инфратузилмасисиз ривожлана олмайди. Муҳим минераллар, саноат маҳсулотлари, юқори технологик товарлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиш учун мультимодал ташувлар, контейнерлаштириш, омборхона ва божхона терминаллари, электрон кузатув тизимлари ҳамда тезкор транспорт хизматлари талаб этилади.
Шу маънода, Тошкентда янги халқаро аэропорт қурилиши, дата-марказлар ва қуруқлик портлари барпо этиш каби инфратузилмавий ташаббуслар Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлигининг транспорт-логистика кун тартибида алоҳида ўрин тутади. Янги халқаро аэропорт мамлакатнинг ҳаво транспорти имкониятларини кенгайтириш, авиа-юк, почта жўнатмалари, тезкор етказиб бериш, электрон тижорат, фармацевтика маҳсулотлари ва халқаро транзит хизматларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда Тошкент–Нью-Йорк–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри қатновлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналиш икки давлат ўртасидаги бизнес алоқалари, туризм ва савдони ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, мазкур йўналиш юқори қийматли ва тез етказилиши зарур бўлган юклар учун ҳам муҳим логистика канали ҳисобланади.
Авиация соҳасидаги энг йирик қадамлардан бири “Uzbekistan Airways”
ва “Boeing” компанияси ўртасидаги келишувлар билан боғлиқ. 2025 йил сентябрь ойида миллий авиакомпания 14 та “Boeing 787-9 Dreamliner” самолётини харид қилиш ва яна 8 та самолётни кейинчалик харид қилиш имкониятини назарда тутувчи келишув имзолади. Кейинчалик C5+1 саммити доирасида қўшимча 8 та самолёт бўйича келишув қатъий буюртмага айлантирилди ва “Uzbekistan Airways”нинг Boeing 787-9 бўйича буюртмалари 22 тага етди.
Янги узоқ масофали самолётлар парки Тошкентни Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё ўртасидаги муҳим ҳаво боғланиш нуқтасига айлантириш имконини беради. Бу нафақат йўловчи ташиш ҳажмини оширади, балки халқаро ҳаво юк ташувлари учун ҳам янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ҳам транспорт-логистика соҳаси учун муҳим аҳамиятга эга. 2026 йил 25 июнда АҚШ Савдо вакили бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида АҚШ билан ҳамкорликни давом эттириш ва ушбу йўналишда қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. ЖСТга аъзолик савдо қоидаларини халқаро стандартларга мослаштириш, божхона тартибларини соддалаштириш, ҳужжат айланишини шаффофлаштириш ва ташқи савдодаги ортиқча тўсиқларни камайтиришга хизмат қилади.
Бу жараён бевосита логистика харажатларининг пасайиши, юкларни расмийлаштириш муддатларининг қисқариши ва экспортёрлар учун рақобатбардош муҳит шаклланишига олиб келади. Шу билан бирга, халқаро стандартларга мос савдо тизими хорижий инвесторлар ва логистика компаниялари учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратади. Натижада замонавий омборлар, логистика марказлари, қуруқлик портлари, божхона терминаллари ва мультимодал ташув хизматларига инвестиция киритиш имкониятлари кенгаяди.
Савдо кўрсаткичларининг ўсиши ҳам ушбу тенденцияни тасдиқлайди. 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 882 миллион долларга етгани, 2025 йилда эса ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошгани қайд этилган. Шу билан бирга, мамлакатимиз бозорида АҚШнинг 340 га яқин компаниялари фаолият юритаётгани Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг иқтисодий шерикларидан бирига айланганини кўрсатади. Энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар эса икки томонлама ҳамкорликнинг амалий мазмунини янада бойитмоқда. Бу Ўзбекистон маҳсулотларининг АҚШ бозорига кириб бориши барқарор йўналишга айланаётганини, шу билан бирга, транспорт-логистика хизматларига бўлган талабнинг янада ортишини англатади.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши рақамли хизматлар ва юқори технологиялар билан боғлиқ. АҚШ бозорига йўналтирилган IT ва рақамли хизматлар экспортининг ўсиши Ўзбекистон иқтисодиётида янги экспорт йўналишлари шаклланаётганини кўрсатади.
C5+1 формати доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон–АҚШ транспорт-логистика муносабатларига минтақавий ўлчам беради. Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида савдо, инвестиция, рақамли иқтисодиёт, таъминот занжирлари ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш бўйича мулоқотлар минтақанинг глобал бозорлар билан интеграциялашувини тезлаштиради. Ўзбекистон учун бу жараён халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, транзит салоҳиятини ошириш ва минтақавий логистика марказига айланиш имкониятларини кенгайтиради.
Мамлакатда автомобиль ва темир йўл тармоқлари, терминаллар ҳамда аэропортларни модернизация қилиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда. 2030 йилга қадар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун 12 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилиши режалаштирилгани ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг миқёси ва узоқ муддатли аҳамиятини яққол намоён этади.
Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг транспорт-логистика тизимини замонавийлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш, глобал таъминот занжирларига қўшилиш ва Марказий Осиёда рақобатбардош логистика хабига айланиш мақсадларига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги
Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази
етакчи мутахассиси О. Абдусаматов