“Тошкент – Бекобод” йўналишида электропоезд қатнови йўлга қўйилди

Президент Шавкат Мирзиёев электропоездда Тошкентдан Бекобод шаҳрига келди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрда қабул қилинган “2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудларда транспорт инфратузилмаси янгиланиб, маҳаллий қатновлар кенгайтирилмоқда. Натижада аҳоли учун қулай ва сифатли транспорт хизматлари йўлга қўйилмоқда.
Бекобод вокзалида Президентимиз пойтахт ва мазкур шаҳарни боғловчи йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
192 километрлик “Тошкент – Бекобод” темир йўл қатнови кунига қарийб минг нафар, йилига эса 300 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Эндиликда унда олти вагондан иборат, 586 нафар йўловчига мўлжалланган электропоезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатланади. Бу, айниқса, ҳар куни иш ва ўқишга қатнайдиган фуқаролар учун қўшимча қулайлик яратади.

Электропоездда йўловчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар ўрнатилган. Вагонлар кондиционер ва иситиш тизимлари, юмшоқ ўриндиқлар, USB қувватлаш нуқталари ҳамда Wi-Fi тармоғи билан жиҳозланган. Шунингдек, видеокузатув тизимлари, электрон ахборот таблолари ва велосипедлар учун махсус жойлар мавжуд.
Тезкор электропоезднинг қатновга қўйилиши автомобиль йўлларидаги транспорт юкламасини камайтириш ва экологик тоза транспорт улушини оширишга хизмат қилади.
Президентимиз темир йўл инфратузилмасини янада ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, тармоқларни электрлаштириш ва темир йўлларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш сифати ва йўловчилар ҳаракатини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.