Ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 29 октябрь куни ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 6,8 фоизга, кам таъминланган оила сифатида нафақа олувчилар сони эса 14 фоиздан 6,1 фоизга камайди.
Шу билан бирга, бугунги кунда аҳолини оғир ҳаётий вазиятларда даромадсиз қолиши ва камбағалликка тушишини олдини олиш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида.
Тақдимотда бу борадаги долзарб масалалар кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, хусусий секторда банд бўлган аҳолининг барчасига ҳам ҳомиладорлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшаш бўйича нафақалар тўлаб берилмаяпти. Бу ҳолатни тўловлар кўп ҳолларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархининг ошишига олиб келаётгани ва рақобатбардошликка таъсир кўрсатаётгани, иш берувчилар нафақаларни тўлашга ортиқча юкланма сифатида қараётгани, бюджетдан қоплаб берилаётган туғиш бўйича нафақа миқдори камлиги сабабли тадбиркорлар учун ушбу тизим жозибадор эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.
Қолаверса, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотининг минимал нормалари тўғрисида”ги ва “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги конвенцияларига мувофиқ туғиш ва касаллик бўйича нафақалар ижтимоий суғурта механизмлари орқали тўланиши белгиланган.
Тақдимотда аҳолини ижтимоий нафақалар билан қамровини ошириш ҳамда миллий ижтимоий суғурта тизимини халқаро ҳужжатларга уйғунлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.
Расмий банд бўлган барча шахсларга нафақалар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармаси томонидан тўланиши йўлга қўйилади. 2026 йилдан бошлаб аёлларга ҳомиладорлик нафақаси, 2026 йил иккинчи ярмидан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўлаб борилади.
Янги тизимнинг асосий мақсади аёллар ва ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бирга расмий меҳнат муносабатларини рағбатлантириш экани таъкидланди.
Президентимиз таклифларни маъқуллаб, ижтимоий суғурта соҳасини рақамлаштириш, тизим шаффоф ишлашини, нафақалар проактив равишда тайинланиб, тўлаб борилишини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берди.