Москва шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда эксперт, академик ва илмий доиралар ҳамда Россия оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конституция ҳар бир давлатнинг суверенитети, унинг давлатчилиги ривожи, фуқароларнинг турмуш тарзи, жамиятдаги ўрнини белгилаб бериши ҳамда мустақил, эркин, тинч ва фаровон ҳаётнинг кафолати, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон илк бор ижтимоий, дунёвий, ҳуқуқий давлат, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият деб белгиланган Конституцияга киритилган ўзгартишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, мамлакатимиз халқи манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётнинг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар хусусида айтиб ўтилди.
Сўзга чиққанлар янгиланган Конституциянинг асосий ҳуқуқий нормалари инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, унинг ижтимоий ҳимояси ва иқтисодий фаровонлигини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаганини таъкидладилар.
Россия эксперт ва илмий доиралари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, айниқса, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, ўзаро ёрдам, тинчлик ва тотувлик асосида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Сергей Афонцев, Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти директори ўринбосари:
– Ўзбекистон халқини мамлакатингизда ҳуқуқий тизим ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар асосларини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат – Конституция қабул қилинган кун билан табриклашдан мамнунман.
Ўтган йили Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдумда кузатувчи сифатида қатнашдим. Одамлар Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни қандай иштиёқ билан муҳокама қилаётганини, сайлов участкаларига қандай хурсандчилик билан борганини кўрдим. Айтишим мумкинки, Конституцияга киритилган янгиликларнинг ҳақиқий илк натижаларини бугун кўриб турибмиз.
Бу ютуқлар бизни, мамлакатингизнинг дўстлари сифатида хурсанд қилади. Умид қиламанки, ушбу натижалар Ўзбекистон фуқаролари фаровонлигини янада ошириш ва мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади.
Байрамингиз билан!