Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказилди
Мамлакатимиз элчихонасида ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Россияда давом этаётган Ўзбекистон маданияти кунларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов, бош консул Меҳриддин Хайриддинов, элчихона маслаҳатчиси Алишер Бекниязов ва Россия ҳудудларидан келган 25 нафар ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда Россия ҳудудларидаги ўзбек диаспораларининг ушбу давлат ҳудудларида ўзбек халқининг бой маданий-тарихий меросини оммалаштириш борасидаги фаолияти, шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва Россия жамоатчилиги учун жозибадорлигини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди.
Диаспора ташкилотлари фаоллари ўз навбатларида, элчихона раҳбариятига Ўзбекистондан ташқарида истиқомат қилаётган ватандошларга доимий эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик билдириш баробарида, диаспора билан ўзаро ҳамкорлик, хусусан, меҳнат миграцияси масалалари бўйича ўз таклифларини билдирдилар.
Шунингдек, ўзбекистонлик ёшлар, меҳнат мигрантлари ва Россияга келаётган ватандошларнинг диний экстремистик оқимлар ва жиноий гуруҳлар домига тушиб қолишини олдини олиш бўйича тадбирларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув очиқ ва самимий мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Иштирокчилар оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш масалаларини кўтариб, хайрия тадбирларини ташкил этиш муҳимлигини қайд этишди.
Феруза Адашева, Омск вилояти Ўзбекистон халқлари жамоатчилик маданий маркази раиси:
– 13 йилдирки Омск вилоятида Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида ўзбек маданияти, тарихини кенг тарғиб қилаяпмиз.
Ўзбекистон элчихонаси билан маданият ва Россияда яшаётган, меҳнат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.