МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИДА ЕХҲТ ДИИҲБ ҲАМДА МДҲНИНГ САЙЛОВНИ КУЗАТИШ МИССИЯСИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
Жорий йил 25 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловларини кузатиш бўйича миссияси вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этилди.
Учрашувлар аввалида МСК Раиси З.Низамходжаев ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Уэйк Дуглас, бюронинг сайловлар бўйича таҳлилчиси Тейлор Крис Джон ҳамда миссия экспертлари Рижа Дорота ва Инаишвили Каха билан мулоқот олиб борди.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Марказий сайлов комиссиясига Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Бош котиби ўринбосари Трефилов Д.А. ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси Миссия штаби раҳбари Козяк Е.В. ташриф буюрди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низамходжаев бўлиб ўтган мулоқот давомида халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни кузатиш миссияларининг натижалари бўйича ҳисобот ва хулосалардаги тавсияларни миллий қонунчилигимизга ва амалиётимизга имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тафсилотига тўхталиб ўтди.
Халқаро ташкилотлар сайловларни кузатиш миссияларининг натижалари бўйича ҳисобот ва хулосалардаги тавсияларни Ўзбекистонда сайлов ва референдум қонунчилигини янада такомиллаштириш, сайлов ва референдум амалиёти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси Раиси ЕХҲТ ДИИҲБ ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги миссияси вакиллари билан олиб борган мулоқотлари чоғида жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари, миллий сайлов амалиётига татбиқ этилган янгиликлардан яна бири “E-Saylov” ахборот тизими ва мазкур тизимнинг афзалликлари юзасидан батафсил маълумот бериб ўтди.
Хусусан, сайлови кампанияси тобора қизғин паллага кириб бораётгани, бу масъулиятли жараён Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов кодексида белгиланган тартибларга биноан изчиллик билан мувофиқлаштириб борилаётганлиги, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ошкоралик бериш мақсадида тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги ахборотлар энг аввало сайловчиларга ҳамда сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказилаётгани таъкидланди.
Томонлар ўртасида олиб борилган мулоқотлар конструктив ва самимий тарзда якун топди. Марказий сайлов комиссияси ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида бу каби мулоқотларга доим тайёр ва очиқ эканлигини билдириб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати