Хорижий етакчилардан Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами муносабати билан табриклар
Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар, парламентлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро институтлар ва минтақавий ташкилотлар, етакчи корпорация ва компаниялар раҳбарларидан, таниқли сиёсат, жамоат ва дин арбобларидан самимий табриклар келмоқда.
Хорижий ҳамкорлар ўз мактубларида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва давлатимизнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган прагматик ва фаол ташқи сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини таъкидламоқдалар. Иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, таълим, маданият, спорт ва бошқа кўплаб йўналишлардаги ютуқлар алоҳида эътироф этилмоқда.
Кўп миллатли Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва бахт-саодат, янада гуллаб-яшнаш ва тараққиёт тилаклари билдирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари,
Мустақиллик куни муносабати билан энг самимий табрикларимни изҳор этаман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ушбу муҳим кунни нишонлашда Ўзбекистон Республикаси халқининг хурсандчилигига қўшилади.
Бу Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, иқлим инқирозига қарши курашиш ва барча учун имкониятлар ва умидларни кенгайтириш муҳимлигини эслатадиган ноёб фурсатдир.
Тинчлик, барқарор тараққиёт ва барча учун инсон ҳуқуқларини таъминлашга ёрдам берадиган бирдамлик ва умумий қарорлар учун айни пайт.
Ушбу қутлуғ кунни нишонлар эканмиз, Ўзбекистон Республикаси халқи ва бутун дунёдаги барча инсонлар учун яхши келажак барпо этиш борасидаги интилишимиз қатъий эканини яна бир бор тасдиқлаймиз.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Антониу Гутерриш,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами - Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Мамлакатингиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлидан дадил бормоқда, минтақавий кун тартибидаги муҳим масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқда, жаҳон майдонида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.
Россия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик хусусиятига эга. Москва ва Тошкент турли йўналишларда фаол ҳамкорлик, МДҲ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида самарали мулоқот қилмоқда.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бундан буён ҳам дўст халқларимиз фаровонлиги, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш йўлида конструктив икки томонлама алоқаларни изчил ривожлантирамиз, деб ишонаман.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, чин қалбимдан мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар, барча юртдошларингизга эса бахт-саодат ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Владимир Путин,
Россия Федерацияси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Сизга ва дўст Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Сизнинг раҳбарлигингизда "Ўзбекистон - 2030" стратегияси фаол амалга оширилмоқда, давлат қурилишида самарали натижаларга эришилиб, халқ фаровонлиги кун сайин юксалиб бормоқда. Янги даврда ҳар қандай ҳар томонлама стратегик ҳамкор сифатида Хитой томони бундан мамнун.
Жорий йилнинг январь ойида Пекинда ва июль ойида Остона шаҳрида Сиз билан музокаралар ўтказдик, улар давомида Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлиги бўйича кўплаб муҳим келишувларга эришилди ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг янги йўналишлари белгилаб олинди. Ягона тақдирга эга Хитой-Ўзбекистон ҳамжамиятини қуришни янада чуқурлаштириш мақсадида Сиз билан яқин алоқаларни давом эттиришга ва стратегик алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрман.
Ўзбекистонга равнақ ва куч-қудрат, халқига эса бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Қўшма Штатлар халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига мамлакатингиз Мустақиллик куни муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман.
1991 йилда мамлакатингиз мустақиллиги эълон қилинганидан буён Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш, ижтимоий тараққиёт ва минтақавий барқарорлик йўлида салмоқли ютуқларга эришди. Ушбу воқеалар мамлакатларимиз ўртасида тобора сермазмун ва жадал стратегик шерикликка олиб келди. Чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш, икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича иш олиб бориш каби умумий мақсадларимизга эришиш йўлида амалга оширган ишларимиздан фахрланаман.
Қўшма Штатлар мавжуд алоқалар мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилишини интиқлик билан кутиб қолади. Сизга мамлакатингиз мустақиллигини шодлик ва қувонч ила ўтказишингизни тилаб қоламиз.
Ҳурмат билан,
Жозеф Байден,
Америка Қўшма Штатлари Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Қадрли қардошим!
Сизни ва қардош Ўзбекистон Республикасининг бутун халқини мамлакатингиз Мустақиллиги куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Мустақиллик йилларида қардош Ўзбекистон ўз давлатчилигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш ва халқаро майдондаги нуфузини оширишда салмоқли ютуқларга эришди. Мамлакатингизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши танланган йўлнинг самарали эканлигининг яққол тасдиғидир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Туркманистон Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро интилиш туфайли йилдан-йилга янги мазмун билан бойиб бораётган муносабатларни чин дилдан қадрлайди. Мулоқотимизга хос бўлган илиқлик ва ўзаро ишонч бундан буён ҳам қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилишига қатъий ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат ила,
Гурбангули Бердимуҳамедов,
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Қозоғистон халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни ва бутун қардош Ўзбекистонни Мустақиллик куни билан самимий муборакбод этаман.
Суверен тараққиёт йилларида Сизнинг ажойиб мамлакатингиз иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда, халқаро нуфузни мустаҳкамлашда ва фуқаролар фаровонлигини оширишда ҳақиқатан ҳам улкан ютуқларга эришди. Ушбу қутлуғ кун ўзбек халқининг миллий бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, юксак бунёдкорлик руҳи ва ватанпарварлигининг рамзидир.
Сизларнинг кенг кўламли сиёсий ислоҳотларни тизимли амалга ошириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш ва миллий манфаатларимизни халқаро майдонда илгари суриш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз юксак ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир. Ишончим комилки, Сизнинг нуфузли ва доно раҳбарлигингизда Ўзбекистон барқарор ўсиш ва тараққиёт йўлидаги дадил ҳаракатини давом эттиради.
Биз кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳидаги кўп қиррали Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.
Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қатъий интилишимни тасдиқлар эканман, Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса фаровонлик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Қасим- Жомарт Тоқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович,
Қирғизистон халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Сизнинг раҳбарлигингиз сўнгги йилларда Ўзбекистон тараққиётида, айниқса, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва мамлакатнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш соҳасида сезиларли ютуқларга олиб келди.
Сизлнинг ички ва ташқи сиёсатдаги кенг кўламли ислоҳотларингиз муваффақиятли амалга оширилди, бошқа мамлакатлар билан шериклик мустаҳкамланмоқда.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссангизни, шунингдек, халқларимиз учун муҳим бўлган турли соҳаларда муваффақиятли икки томонлама ҳамкорликни юксак қадрлайман.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Қирғизистон-Ўзбекистон қардошлиги, абадий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари бундан буён ҳам ривожланиб, мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Садир Жапаров,
Қирғиз Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Қадрли Шавкат Миромонович!
Тожикистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан Сизни, Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқини мамлакатингиз миллий байрами - Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишдан ғоят мамнунман.
Сизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигини ошириш, шунингдек, мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасида муҳим натижаларга эришилди. Биз яқин қўшни сифатида бу муваффақиятлардан чин дилдан хурсандмиз.
Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва бунёдкорона ҳамкорлик муносабатлари Тожикистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади ва биз уларни бугунги даражасигача қадрлаймиз.
Тожикистон-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бутун мажмуи изчил ривожланиб ва кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этиш лозим. Биз ушбу ўзаро манфаатли жараённи янада илгари суришдан манфаатдормиз.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бундан буён ҳам халқларимиз фаровонлиги йўлида икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳар томонлама ҳисса қўшамиз, деб ишонаман.
Сизга, қадрли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Мамлакатингиз Мустақиллиги куни муносабати билан Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллайман.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётда улкан ютуқларга эришди, халқаро майдонда муносиб обрў-эътиборга эга бўлди, минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишда конструктив роль ўйнамоқда.
Биз Туркманистонда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг юксак даражасини юксак қадрлаймиз ва уни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга катта аҳамият берамиз. Ўз навбатида, мамлакатларимизнинг қардош халқлари фаровонлиги йўлида Туркманистон-Ўзбекистон стратегик муносабатларини янги уфқлар томон фаол илгари суриш учун Сиз билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бундан буён ҳам давом эттиришга тайёрлигимни билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси халқи фаровонлиги йўлидаги барча ташаббус ва интилишларда янги муваффақиятлар тилайман.
Чуқур ҳурмат ила,
Сердар Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович,
Қадрли қардошим,
Қардош Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифим чоғида менга, оиламга ва бутун делегациямга кўрсатган юксак эътибор ва меҳмондўстлигингиз, чинакам биродарлик муносабатлари учун Сизга яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, рафиқам Меҳрибон хоним ва қизим Лайлога кўрсатилган самимий эътибор ва ғамхўрлик ҳамда уларни ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва анъаналари билан яқиндан таништирганлари учун Зироатхон Мирзиёева хоним ва қизингиз Саида Мирзиёевага миннатдорлик билдираман.
Ҳар сафар қардош мамлакатингизга ташриф буюрганимда Сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, мамлакатдаги улкан ўзгаришлар ва тараққиётни кўриш менга катта мамнуният ва шараф бағишлайди. Буларнинг барчаси Сизнинг серқирра фаолиятингиз, оқилона раҳбарлигингиз, Ватан ва халққа хизматингиз самарасидир. Мамлакатингизнинг ҳар бир ютуғи Озарбайжон учун фахр ва ифтихордир.
Гўзал мамлакатингизга ташрифим натижаларидан жуда мамнунман. Қисқа вақт ичида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатларининг иттифоқчилик даражасига кўтарилгани ва бунинг натижасида биз имзолаган иттифоқчилик тўғрисидаги ҳужжат халқимизнинг мустаҳкам иродаси ва муносабатларимизни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришга бўлган қатъиятимизнинг ёрқин намунасидир. Сиз билан дўстона, самимий ва ўзаро ишонч руҳидаги учрашувларимизни, икки томонлама муносабатларнинг кенг доирасини ва ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш йўналишида ўтказган самарали музокараларимизни юксак қадрлайман. Ҳеч шубҳасиз, Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси натижалари, эришилган келишувлар, имзоланган кўплаб муҳим ҳужжатлар, шу жумладан, ўтказилган ишбилармонлик форуми келгусидаги фаол ҳамкорлигимиз нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Ташриф давомида ишлаб чиқилган лойиҳалар ва ўтказилган муҳокамалар яқин йилларда иқтисодий, савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Озарбайжоннинг озод этилган ерларида Сизнинг ташаббусингиз билан амалга оширилаётган тиклаш ва реконструкция ишларида мамлакатингизнинг бевосита иштироки ва қўллаб-қувватлаши биз учун жуда қадрлидир.
Озарбайжон ва Ўзбекистон санъаткорларининг қўшма гала-концертдаги ажойиб чиқишлари қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстликнинг тасдиғи, муштарак анъана ва қадриятларнинг ёрқин ифодаси бўлди. Айнан муштарак маънавий қадриятлар, диний ва маданий илдизлар, халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги ва бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни белгиловчи асосий омиллардир. Сиёсий мулоқотимизнинг жадаллиги, ўзаро ташрифларимиз, учрашувларимиз, яқин ҳамкорлигимиз давлатлараро алоқаларимизни тезлаштириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳурматли Президент жаноблари,
Давлатлараро муносабатларни ривожлантиришда олий даражадаги ташрифларнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, Сизни Озарбайжонга давлат ташрифини амалга оширишга таклиф этаман. Ишончим комилки, Сизнинг ушбу ташрифингиз Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги вақт синовидан ўтган дўстлик ва қардошликни мустаҳкамлашга, иттифоқимизни чуқурлаштиришга, мамлакатларимиз ва бутун минтақамизнинг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнашига беқиёс ҳисса қўшади.
Сизни тез орада Бокуда кўришга умид қиламиз. Сизга ва оилангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, масъулиятли ва олижаноб фаолиятингизда янги муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Ҳурмат билан,
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович,
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Ўзбекистон давлатининг суверен ривожланиш йиллари барқарор иқтисодий ўсиш, кенг кўламли ижтимоий ўзгаришлар ва мамлакатнинг жаҳон миқёсида муносиб эътироф этилишини таъминлаган ёрқин ютуқларга бой бўлди.
Бугун Тошкент конструктив ташаббуслар билан Марказий Осиёда глобал хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш тизимига салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Халқларимизнинг кўп йиллик дўстлигига асосланган Беларусь-Ўзбекистон муносабатлари икки томонлама форматда ҳам, халқаро ташкилотлар ва минтақавий бирлашмалар доирасида ҳам бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, барча режаларингиз амалга ошишини, Ўзбекистон халқига эса бахт-саодат ва равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Александр Лукашенко,
Беларусь Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Президент Жаноблари, қадрли биродарим,
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан Сиз Жаноби Олийларини ва биродар ўзбек халқини энг самимий тилакларим билан муборакбод этаман.
Мустақил бўлганидан буён ҳар куни тобора тараққий этаётган дўст ва қардош Ўзбекистонда оқилона раҳнамолигингиз орқали эришилаётган муваффақиятлар ва халқаро майдонда эгалланган нуфузли ўрин - Туркия учун ҳам ғурур манбаидир.
Муносабатларимизнинг муштарак саъй-ҳаракатларимиз билан икки томонлама даражада ва кўп томонлама платформаларда, жумладан Туркий давлатлар ташкилотида илдиз отиб бораётганини кўриш бениҳоя мамнуният бахш этади.
2024 йил 6 июнь куни Анқара шаҳрида ўтказилган Туркия-Ўзбекистон Олий даражали стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишида келишиб олинган хусуслар биродарликка таянувчи яқин алоқаларимизни келгусида барқарор тарзда мустаҳкамлашига ишончим комил.
Дўст Ўзбекистонни Мустақиллик байрами билан яна бир бора қутлаб, фурсатдан фойдаланган ҳолда, чин қалбимдан Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қардош Ўзбек халқига омонлик, фаровонлик тилаб қоламан.
Режеп Таййип Эрдоған,
Туркия Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари,
Менинг қадрли дўстим,
Ўзбекистон миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан Сизга ва ўзбек халқига шахсан ўз номимдан ва Франция халқи номидан энг самимий табрикларимни ҳамда бахт ва фаровонлик тилакларимни йўллашдан бениҳоя мамнунман.
2024 йил ёзги Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказилаётган даврда, мен ўз фаоллиги, спорт маҳорати ва ажойиб ўйинлари билан ажралиб турган ўзбекистонлик спортчилар ва мухлисларни катта қувонч билан қабул қилганимиздан беҳад хурсандмиз.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда мени ажойиб кутиб олганингиз давоми сифатида шу йил кузда Сизнинг Париж шаҳрига ташрифингизни интиқлик билан кутаман. Мен мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ўрнатишга катта аҳамият бераман. Ушбу улкан марра давлатларимиз ўртасида йирик минтақавий ва халқаро масалалар бўйича яқинлашувни мустаҳкамлаш, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомини ҳурмат қилиш бўйича умумий муносабатимизни мустаҳкамлаш, биз белгилаб олган йирик икки томонлама лойиҳаларни илгари суриш ҳамда таълим, маданият, глобал муаммолар ва хавфсизлик каби муҳим соҳаларда ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш имконини беради.
Мамлакатларимизни бирлаштирган алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги қатъиятимга ишонишингизни сўрайман.
Сизни Парижда кутиб олиш шарафидан мамнун бўлишимни таъкидлаб, Сиз, Президент Жаноби Олийларига, чуқур ҳурмат-эҳтиромимни яна бир бор йўллайман.
Дўстона ҳурмат билан,
Эммануэль Макрон,
Франция Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Президент Жаноби Олийлари!
Сизни ва бутун ўзбек халқини Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан чин юракдан самимий муборакбод этаман.
Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар узвий ришталарга эга ва ўзаро ҳамкорликка асосланади. Бу авваламбор, икки томонлама ташрифларнинг фаоллашганида ҳам намоён бўлмоқда. Қарийб бир йил муқаддам Германия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўрнатилган стратегик минтақавий шериклик алоқалари орқали мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларимиз янада чуқурлашиб бормоқда.
Ҳукуматингизнинг ислоҳотлар йўлини давом эттириш истагингиздан мамнунман ва бу борада Сизга улкан муваффаққиятлар тилайман. Германия келгусида ҳам Ўзбекистоннинг олиб бораётган ислоҳотларда ишончли ҳамкори бўлиб қолади. Барқарор, фаровон ва демократик Ўзбекистон бутун минтақа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сизга энг эзгу тилакларимни, ўзбек халқига эркинлик, хавфсизлик ва фаровонликдаги осойишта келажак тилайман.
Франк-Вальтер Штайнмайер,
Германия Федератив Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Миллий байрамнинг ушбу йиллиги Сизга, Жаноб Президент, ва дўст ўзбек халқига Италия Республикаси номидан ва шахсан ўзимнинг номимдан энг яхши табрикларимни етказиш имкониятини бермоқда.
Яқинда Ўзбекистонга ташрифим давомида халқларимизни бирлаштирган самимий дўстлик ришталари мустаҳкамланиб бораётганига гувоҳ бўлганман ва менга кўрсатилган меҳмондўстликнинг ёрқин хотираларини сақлаб келмоқдаман.
Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги фаол ҳамкорлик минтақадаги истиқболли алоқаларимизни ҳам кенгайтириш учун асос бўлди. Буни жорий йил май ойида Римда шаҳрида бўлиб ўтган “Италия-Марказий Осиё” форматида учинчи вазирлар конференцияси тасдиқлади.
Жиддий можаролар ва геосиёсий кескинликлар билан ажралиб турувчи ҳозирги шароитда мамлакатларимиз ўртасидаги ижобий ҳамкорлик тинчлик ва барқарорлик истиқболларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкинлигига аминман.
Ушбу ҳис-туйғулар билан мен Сизнинг фаровонлигингиз учун энг илиқ тилакларимни билдирмоқчиман ҳамда уларни Сизнинг меҳрибон турмуш ўртоғингиз ва барча Ватандошларингизга юборишдан ҳам мамнунман.
Сержо Маттарелла,
Италия Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,
Мустақиллик байрами муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий табрик ва эзгу тилакларимизни йўллашдан беҳад мамнунмиз.
Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, қардош Узбекистон халқига тинчлик-осойишталик, барқарор тараққиёт ва фаровонлик тилаймиз.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,
Икки Муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,
Сиз, Жаноби Олийлари Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами-Мустақиллик куни муносабати билан холис табрик ва эзгу тилакларимни йўллашдан бағоят бахтиёрман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар, дўст Ўзбекистон халқига юксалий ва фаровонлик тилаб қоламан.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,
Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раиси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига ўзимнинг энг самимий табрик ва қизгин тилакларимни йўллаш шарафига муяссарлигим мени чексиз қувонтиради.
Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, бахт–саодат, дўст Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва халқига доимий равнақ ва тараққиёт тилаб қоламан.
Камоли эҳтиром ва эзгу тилаклар ила,
Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён,
Бирлашган Араб Амирликлари Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Мамлакатингиз Мустақиллик куни байрами муносабати билан Сиз ва Ўзбекистон халқига Қатар Давлати халқи ва шахсан ўз номимдан энг самимий табрик ва эзгу тилакларимни йўллашдан мамнунман.
Сиз, Жаноби Олийларига, сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат ҳамда Ўзбекистон халқига фаровонлик ва доимий тараққиёт, шунингдек, келгусида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланиб боришини тилаб қоламан.
Юксак эҳтиром ила,
Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний,
Қатар Давлати Амири
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари,
Мамлакатингиз Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Ҳиндистон ҳукумати, халқи ва ўз номимдан Сиз, Жаноби Олийларига, Ўзбекистон ҳукумати ва халқига самимий табрик ва эзгу тилакларимни йўллайман.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий, маданий ва маънавий яқинлик стратегик шериклигимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Тарихий алоқага эга бўлган иккита қадимий цивилизация сифатида биз тинч, барқарор ва фаровон дунё ҳақида муштарак тасаввурга эгамиз. Изчил ҳамкорлигимиз умумий муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ишончимиз комилки, бизнинг ҳамкорлигимиз ўсишда ва ривожланишда давом этади ва халқларимиз манфаатларига хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига, сиҳат-саломатлик ва фаровонлик ҳамда Ўзбекистон халқига тинчлик, тараққиёт ва тотувлик тилаб қоламан.
Жаноби Олийлари, Сига бўлган юксак эҳтиромларимни қабул қилгайсиз.
Драупади Мурму,
Ҳиндистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Азиз биродарим!
Ҳиндистон халқи ва ҳукумати номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.
Ушбу қутлуғ айёмда халқларимиз ўртасидаги чуқур ва яқин дўстлик ришталарини ёдга оламиз. Ҳиндистон ва Ўзбекистонни бой тарих ва ранг-баранг маданиятга эга бўлган икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарига асосланган мустаҳкам шериклик узоқ йиллардан буён боғлаб келмоқда.
Кейинги йилларда ҳамкорлигимиз барча соҳаларда сезиларли даражада кенгайди. Биз "Ҳиндистон - Марказий Осиё" саммити ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби кўп томонлама платформалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.
Биз икки томонлама шерикликни янада юқори босқичга кўтариш учун ҳамкорлигимизни давом эттириш ва мустаҳкамлашга қатъий қарор қилдик.
Ушбу қутлуғ айёмда Сизга мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, дўст Ўзбекистон халқига эса бундан-да зиёда тараққиёт ва равнақ тилайман.
Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.
Нарендра Моди,
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига ва дўст ўзбек халқига самимий табрикларимни, юртингизга эса янада тараққиёт ва фаровонлик тилаш менга катта мамнуният бахш этади.
Миср ва Ўзбекистон ўртасида йиллар давомида ривожланиб келаётган ажойиб дўстона ва ҳамжиҳатлик ришталари билан ажралиб туради. Икки дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ва ўзаро ҳамкорлигимизни давом эттиришга умид қиламан.
Энг юксак ҳурмат-эҳтиромимни билдирган ҳолда, жаноб Президент, менинг саломларимни ҳамда дўст Ўзбекистон халқига самимий тилакларимни қабул қилгайсиз.
Абдулфаттоҳ ас-Сиси,
Миср Араб Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик куни кириб келиши муносабати билан Сиз Жаноби Олийлари ҳамда дўст ва биродар Ўзбекистон халқини самимона тарзда табриклашга ижозат бергайсиз.
Икки мамлакатнинг ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлари янада мустаҳкамланишига ишонаман. Қўшни ва минатақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш Эрон Ислом Республикаси янги Ҳукумати ташқи сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Лллоҳ таолодан Сиз Жаноби Олийларига саломатлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикаси халқига эса бахт-саодат ва фаровонлик сўраб қоламан.
Масъуд Пезешкиён,
Эрон Ислом Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Сизга ва Ўзбекистон Республикаси халқига Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Умид қиламанки, июнь ойида гўзал мамлакатингизга амалга оширган давлат ташрифим мамлакатларимиз ўртасида ўтган йиллар давомида барпо этилган алоҳида стратегик шерикликни янада ривожлантиришга, шунингдек, халқларимиз ўртасидаги алмашинув ва дўстликни мустаҳкамлашга туртки беради.
Сизга чин қалбимдан мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон Республикасига эса узлуксиз равнақ тилайман.
Ҳурмат билан,
Юн Сок Ёль,
Корея Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Ўзбекистон миллий байрами - Мустақиллик куни муносабати билан Сизга энг самимий табрикларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Венгрия ва Ўзбекистон ўртасидаги азалий дўстлик сўнгги йилларда ҳар томонлама ва муваффақиятли стратегик шерикликка айланиб бораётганидан мамнунман. Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга олиб келади.
Сизни ишонтириб айтаманки, менинг ҳукуматим юқори даражадаги стратегик мулоқотни давом эттириш ҳамда ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни янада ривожлантиришга содиқдир.
Масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар ва сиҳат-саломатлик тилайман!
Самимият билан,
Виктор Орбан,
Венгрия Бош вазири
***
Қуйидагилар ҳам ўз табрикларини йўллаган:
Япония Императори Нарухито,
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз III,
Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,
Иордания Подшоҳи Абдулла II,
Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид,
Марокаш Подшоҳи Муҳаммад VI,
Бельгияликлар Қироли Филипп,
Испания Қироли Филипп VI,
Швеция Қироли Карл XVI Густав,
Грузия Президенти Саломе Зурабишвили,
Болгария Республикаси Президенти Румен Радев,
Латвия Республикаси Президенти Эдгарс Ринкевичс,
Мальта Республикаси Президенти Мириам Спитери Дебоно,
Польша Республикаси Президенти Анжей Дуда,
Руминия Президенти Клаус Вернер Йоханнис,
Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич,
Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини,
Финляндия Республикаси Президенти Александр Стубб,
Чехия Республикаси Президенти Петр Павел,
Швейцария Конфедерацияси Президенти Виола Амхерд,
Эстония Республикаси Президенти Алар Карис,
Таиланд Подшоҳи Маха Вачиралонгкорн,
Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти То Лам,
Индонезия Республикаси Президенти Жоко Видодо,
Непал Федератив Демократик Республикаси Президенти Рамчандра Паудел,
Сингапур Республикаси Президенти Тарман Шанмугаратнам;
Филиппин Республикаси Президенти Фердинанд Маркос,
Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикаси Президенти Ранил Викремесингхе,
Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулмажид Теббун,
Сурия Араб Республикаси Президенти Башар ал-Асад,
Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент Девони раиси Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён,
Қатар Давлат Амири ўринбосари Шайх Абдулла бин Ҳамад Ол Соний,
Канада Генерал-губернатори Мэри Мэй Саймон,
Сан-Марино Республикаси Капитан-регентлари Алессандро Росси ва Милена Гасперони,
Рим-католик черкови раҳбари Франциск,
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин,
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедев,
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброхим Тоҳа,
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Асад М. Хон,
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй.
Қутловлар келишда давом этмоқда.