Москвада Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими бўлиб ўтди
Тадбирда Президент Администрацияси, Парламент, ТИВ масъул ходимлари, вазирликлар, дипломатик корпус, Россия ОАВ вакиллари ва ватандошлар иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, мамлакатимизда барча йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистон-Россия муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.
Янги Ўзбекистон курси ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очаётгани, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги имижи мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Жамиятнинг иқтисодий юксалиши ва демократик тараққиётини таъминлашга қаратилган Конституциявий ислоҳотни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Асосий меҳмонлар сифатида Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин табрик сўзи билан чиқиш қилдилар.
"Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбари белгилаб берган суръат туфайли улкан ютуқларга эришилди, мамлакат тараққиёт ва бунёдкорлик йўлидан дадил одимламоқда", – деди Максим Решетников. У нафақат йирик шаҳарлар, балки мамлакат чекка қишлоқ туманларининг ҳам ҳар томонлама ривожланаётганини таъкидлади. Бу ҳудудларда миллатлараро тотувлик ҳукм сураётгани ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.
Вазир Ўзбекистон–Россия алоқалари жадал ривожланаётганини, президентларнинг тез-тез бўлиб ўтаётган учрашувлари олдинга силжишга ва янги улкан мақсадларни белгилашга "мажбур" қилаётганини мамнуният билан қайд этди.
"Икки мамлакат етакчиларининг яқин муносабатлари туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчилик сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиб бораётганидан мамнунмиз", – деди Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Галузин.
Дипломат Ўзбекистон томонига Президент Владимир Путиннинг жорий йил май ойида Тошкентга давлат ташрифи мазмунли ва самарали якунлангани учун чуқур миннатдорлик билдирди. У эришилган келишувларни амалга ошириш икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарларининг Қўшма комиссияси фаолияти эканини таъкидлади.
Тадбир ижодий жамоалар, шунингдек, Россияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз томонидан тайёрланган концерт дастури билан бирга ўтказилди.
Қабул иштирокчилари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг жадал суръатларда ривожланиб бораётганига юксак баҳо бердилар.
Михаил Галузин, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари:
– Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги номидан Ўзбекистонни, қадрли ўзбек дўстларимизни миллий байрам — Мустақиллик куни билан чин қалбдан табрикламоқчиман. Элчи, ҳамкасбим, дўстим Ботиржон Асадов ва иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников бугун ўз чиқишларида таъкидлаганларидек, Ўзбекистон 33 йил ичида барча соҳаларда жадал ривожланиш йўлида ажойиб йўлни босиб ўтди.
Пётр Бурак, Россия Табиий фанлар академияси президенти, Минтақавий тадқиқотлар институти директори:
– Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида ўтказилаётган шундай муҳим тадбирда қатнашиш катта шараф. Ўзбекистон элчиси мамлакат эришган ютуқлар, Россия билан ҳамкорлиги ҳақида жуда мазмунли маълумот берди. Мен эса илм-фан вакили сифатида яна шуни таъкидламоқчиманки, олимларимиз ўртасида ғоят яқин алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Ўйлайманки, бу ҳамкорлик мамлакатларимиз тараққиётига катта ҳисса қўшади. Бунга ишончим комил. Барчангизни ушбу муҳим воқеа — Мустақиллик байрами билан яна бир бор табриклаб, мамлакатларимизга фаровонлик тилайман.
Ильдар Аляутдинов, Москва жоме масжиди бош имоми, Москва муфтийси:
– Аввало, барча ўзбекистонликларни Мустақиллик куни билан табриклайман. Бугунги кунда энг муҳими — Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган илиқ, узоқ муддатли муносабатлардир. Бу қайсидир маънода бир бутунлик бўлиб, бизни жуда кўп нарсалар боғлаб туради. Муносабатлар фақат мустаҳкамланиб, кенгайиб бораверсин.
Ўзбекистон биз учун қадрли. Биз уни ҳамиша катта муҳаббат билан зиёрат қиламиз, қалбимизда Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади.
Андрей Хриенко, "Вектор" халқаро стратегик тадқиқотлар институти директори:
– Ўзбекистонни Мустақиллик куни билан чин қалбимдан табриклайман. Ўзбекистон ўзини демократик, модернизациялашган, ривожланган давлат ва ишончли ҳамкор сифатида намоён этди. Бутун Ўзбекистонга, барча ўзбекистонликларга фаровонлик ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Елена Малишева, Россиянинг "Биринчи канал" телекўрсатувлари бошловчиси:
– Ўзбекистонни яхши кўраман. Халқчил ўзбек бозорларини, таомларингизни севаман. Ўзбекистонга бўлган муҳаббатим чексиз. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз Ўзбекистон халқи!