Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонасида малака оширмоқда

Ўзбекистон олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар йўналишида таълим олаётган бир гуруҳ талабалар мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонасида ўз амалиётини бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган ушбу лойиҳа 14 августдан 3 сентябргача давом этади. Амалиётда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 11 нафар иқтидорли талабалари иштирок этмоқда. Улар мамлакатимиз дипломатик миссиясининг матбуот хизмати, савдо-иқтисодий, сиёсат, консуллик ва бошқа бўлимларида малака оширмоқда.
- Мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси бизни жуда муҳим тадбир олдидан қабул қилди, - деди амалиётчи талаба Умида Нурматова. - Ҳозирги пайтда бутун юртимизда бўлгани каби мамлакатимиз Москвадаги дипломатик миссиясида ҳам жонажон Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамини муносиб нишонлашга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Амалиёт жараёни жуда қизиқ ва мураккаб. Биз бу жараённинг бир қисмига айланиш имкониятидан фойдаланаяпмиз. Элчихонадаги дипломатларнинг тажрибасини ўрганаяпмиз. Москвадаги элчихонамиз Ўзбекистоннинг хориждаги энг катта дипломатик ваколатхонаси ҳисобланади. Миссияда малакали дипломатлар жамланган. Улардан ўрганган ва олган тажрибамиз бизга келажакка ас қотишига ишонаман.